АҚШнинг The Washington Post газетаси жаҳон мамлакатлари паспортининг “кучи”ни ҳисоблаб чиқди. Тадқиқотда Arton Capital консалтинг компанияси тақдим этган маълумотлардан фойдаланилди.

Ўз навбатида, компания ўз ҳисоботида турли давлатлардаги виза чекловлари индексини инобатга олган, бунда Халқаро ҳаво транспорт агентлигининг (IATA) ахборотига таянган эди.
Максимал визасиз чиқиш имкониятларига эга давлатларнинг паспортлари индексда “кучлироқ” деб топилди. Қаттиқлаштирилган визали режимдаги давлатларнинг паспортлари эса рўйхатнинг охиридан ўрин олди.

Биринчи ўринни АҚШ ва Буюк Британия паспортлари эгаллади. Бу давлатлар фуқаролари 147 мамлакатга визасиз ёки енгиллаштирилган тартибда чиқиши мумкин. Кейинги поғоналарни банд қилган Франция, Жанубий Корея ва Германияда эса бу кўрсаткич 145 давлатга тенг. Учинчи ўринни Швеция ва Италия, тўртинчи ўринни эса Дания, Сингапур, Финляндия, Япония, Люксембург, Голландия бўлишиб олишди. Кучли беш ўринга Швейцария якун ясади.

Ўзбекистон жорий индексда Тожикистон, Конго, Зимбабве, Мавритания, Миср, Буркина-Фасо билан биргаликда 64-ўринни эгаллади. Бу давлатлар фуқаролари бор-йўғи 53 давлатга енгиллаштирилган тартибда чиқа олади.

Бошқа МДҲ давлатларининг кўрсаткичлари ҳам анча пастлиги маълум бўлди. Рейтингда Россия 35 (98), Украина 36 (96), Беларусь 52 (66), Қозоғистон 53 (65), Озарбайжон 57 (61), Арманистон 62 (55), Қирғизистон 63 (54), Туркманистон 70-ўринни (47) эгаллади.
Индексга якун ясаб, унинг охирги 5 поғонасини забт этган давлатлар қуйидагилардир: 76-ўрин - Конго Демократик Республикаси, Яман, МАР, Косово (41); 77-ўрин (40) – Экваториал Гвинея, Бутан, Бурунди, Комор ороллари; 78-ўрин (39) – Сомали, Эритрея; 79-ўрин (38) – Ироқ, Афғонистон, Жибути, Эфиопия, Непал; 80-ўрин (28) – Фаластин, Жанубий Судан, Соломон ороллари, Сан-Томе ва Принсипи.