2016-2020 йиллар давомида Ўзбекистон вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикаси ҳудудида жами 14та олий спорт маҳорати мактаблари очилади. Бу ҳақда Ўзбекистон республикаси президенти қарорида маълум қилинган.

Қарордан мақсад халқаро тоифали ўзбекистонлик спортчиларни тайёрлаш, Ўзбекистон вакилларининг халқаро ареналарда, хусусан Осиё ўйинлари ва олимпиадаларда, шунингдек, Осиё чемпионатлари ва бошқа халқаро турнирларда муносиб натижалар кўрсатишини таъминлаш учун самарали тизим барпо этиш ҳисобланади.

Қарорга кўра, бундай мактаблар замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади, янги мактабларда миллий терма жамоалар ва уларнинг ўринбосарлари учун йиғинлар ҳамда машғулотлар ташкил этилади. Шунингдек, бу мактабларда республика миқёсидаги турнирлар ўтказилади.

Маданият ва спорт ишлари вазирлиги таркибида бўладиган бундай махсус мактаблар ихтисослашуви "минтақаларда шаклланган спорт мактаблари ва анъаналари, мураббий-ўқитувчилар таркиби ҳамда эришилган спорт ютуқлари билан белгиланади".

Қарорга кўра қуйидаги ҳудудларда кўрсатилган ихтисослик бўйича олий маҳорат мактаблари очилади.

Нукус — спорт кураши;
Андижон — бокс;
Бухоро — гимнастика;
Жиззах — бокс;
Қарши — дзюдо;
Навоий — сув спорти турлари;
Наманган — велоспорт (шоссе, трек);
Самарқанд — енгил атлетика;
Термиз — спорт яккакурашлари;
Гулистон — теннис ва стол тенниси;
Тошкент вилояти — ўқ отиш спорт турлари;
Фарғона — таэквондо WTF;
Урганч — оғир атлетика;
Тошкент — спорт ўйинлари.

Олий маҳорат спорт мактабларининг контингентини спорт турлари бўйича миллий терма жамоаларнинг асосий таркиби ва уларнинг захирадаги спортчилари ташкил этади. Улар бепул яшаб, тўрт маҳал овқат, шунингдек, спорт формаси ва анжомлари билан таъминланади.

Маданият ва спорт ишлари вазирлиги зиммасига янги спорт мактабларини етакчи хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда юқори малакли мураббий-ўқитувчилар таркиби билан тўлдириш вазифаси юклатилган.