Бугун, 30 ноябрь куни Франция пойтахти Парижда махаллий вақт билан соат 11:00да (Тошкент вақти билан 15:00) БМТнинг иқлим ўзгаришлари масалаларига (COP-21) бағишланган халқаро конференция ўз ишини расман бошлади.

Анжуманинг очилиш маросими Ле-Бурже аэропорти худудида бўлиб ўтди. Маълумки, мазкур аэропорт шу кунларда БМТ худуди деб эълон қилинган. Шу сабабли ҳам саммит вақтида Бурже худуди БМТ тинчликни сақловчи кучлари томонидан қўриқланмоқда. 2 минг 800 нафар БМТ кучларидан ташқари, яна 1 минг 300 нафар полиция ва жандармлар транспорт тармоқларида навбатчилик қилмоқда.

Умуман Парижда 6 минг 300, пойтахт атрофида 15600, мамлакат бўйлаб эса 120 минг хуқуқ-тартибот идоралари ва армия бўлинмаларининг ходимлари туну-кун навбатчилик қилмоқда.

Бундан ташқари, давлат раҳбарларининг шахсий қўриқчиларини ҳам ёддан чиқариш керак эмас. Хавфсизлик ҳудудига яқин атрофдаги 15та муниципалитет киритилди. Конференция хавфсизлик чоралари кучайтирилган тарзда бўлиб ўтмоқда.

Парижда 13 ноябрь куни юз берган террор ҳодисаларидан кейин мамлакатнинг барча ҳудудларида фавқулодда ҳолат жорий этилди. Жаҳон мамлакатлари раҳбарларининг келиши арафасида эса Париж мустаҳкам қалъага айлантирилди.

Хорижий делегацияларнинг аъзолари Ле-Бурже, Руасси-Шарль-де-Голль, Орли, шунингдек, Эвре ва Крей ҳарбий аэродромларида кутиб олинди. Шаҳарликларга шахсий транспортларидан фойдаланмаслик тавсия қилинди. Шу билан бирга жамоат транспортидан фойдаланганлардан йўл кира олинмайдиган бўлди. Расмийлар корхона ва муассасаларга мурожаат қилиб, ўз ходимларига душанбада бир кун таътил бериш таклифи берилди.

Бугунги Париж газеталарининг барчаси халқаро анжуман мавзусини кенг ёритмоқда.

“Иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ таҳдидлар, террор хавфи сингари инсониятига офат келтиради. Чунки ҳар икки ҳолатда ҳам харитага сайёрамиздаги тинчлик ва барқарорлик тикилган” дейилади Le Monde газетасида босилган мақолада.

Мақолада таъкидланишича, агар зарур чора-тадбирлар кўрилмайдиган бўлса у ҳолда аср охирларига бориб, Ер юзидаги ҳарорат Цельсий бўйича 5 градусга ошади, жаҳон океанлари сатҳи эса 1 метрга кўтарилади. Бу ўз навбатида ер юзида бир қатор талофатларнинг, жумладан қурғоқчилик, сув тошқинларининг келиб чиқишига сабаб бўлади. Бу каби табиат инжиқликлари эса муҳожирлар оқимининг кўпайишига олиб келади. Бир қатор мутахассислар кузатилаётган жарённи “глобал исиш” деб эмас, “глобал иқлим ўзгариши” деб аташ лозимлигини таклиф қилмоқда. Чунки Ер юзида хақиқатан хам иқлим ўзгармоқда. Ер шарининг бир бурчагида ғайриодатий тарзда кунлар исиб кетаётган бўлса, бошқа бурчагида кутилмаганда қор ёғиб, кунлар совиб бормоқда. Айрим мамлакатлар 2100 йилга бориб яшаш учун яроқсиз бўлиб қолиши мумкин эканлиги айтилмоқда. Бу борада Яқин Шарқ мамлакатлари мисол сифатида келтирилади.

Музликларнинг эриши жаҳон океанлари сатҳининг кўтарилишига, бу эса соҳил бўйларида истиқомат қилаётган миллионлаб одамларнинг нобуд бўлиши ёки бошқа ҳудудларга кўчиб кетишига олиб келади.

Халқаро конференция якунида эса 2020 йилдан кейин Киото протоколи ўрнини босувчи янги Битим имзоланади.

Париж анжуманининг асосий мақсади иссиқлик даражасини Цельсий бўйича 2 даражада ушлаб туришга эришишдан иборат бўлиши кутилмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, Париж анжумани сайёрамиз геология тарихида янги саҳифани очади. Глобал иқлим ўзгаришларига қарши курашда нафақат иқтисоди ривожланган мамлакатлар, балки халқаро ҳамжамият бир ёқадан бош чиқарган ҳолда ҳамкорлик қилиши талаб қилинади.

Экологларнинг айтишича, сўнгги йилларда ер юзида об-ҳавонинг тез-тез ўзгариб туриши билан боғлиқ ҳодисалар кузатилмоқда. Буни биз кучли шамол, бўрон, қуюн, кунларнинг исиб ёки совиб кетаётганида кўрамиз. Буюк Британия Бош метеорология хизмати ходимларининг сўзларига қараганда, 2015 йилнинг 10 ойи давомида ҳарорат даражаси бир градус юқори бўлган. Олимлар агар ҳарорат Цельсий бўйича 2 даража кўп бўлса, у ҳолда инсоният об-ҳаво, флора, фауна ва ҳатто жуғрофиянинг кескин ўзгариши билан тўқнаш келади. АҚШ океан ва атмосферани ўрганиш Миллий бошқармаси эълон қилган ҳисоботда иқлим ўзгариши қурғоқчилик ва сув тошқинларига ўхшаш табиий офатларни келтириб чиқаради. 2014 йилда қайд қилинган 28та йирик табиий офатнинг тенг ярмига иқлим ўзгаришлари сабаб бўлган.

Тадбирда 152та давлат раҳбари иштирок этаётган бўлса, анжуманни 3 мингга яқин журналист кенг ёритмоқда. Аслида 6 минг журналист мурожаат қилган эди. Аммо ташкилотчилар бу миқдордаги журналистнинг илтимосини қондириш техник жиҳатдан иложсиз эканлигини айтишди.

Маърузачилар кўплиги боис бир вақтнинг ўзида иккита конференц-залдан фойдаланилади. Тадбир аввалида иштирокчилар 13 ноябрь куни юз берган терактларнинг қурбонлари хотирасини ёдга олдилар. Халқаро анжуман 11 декабрга қадар давом этади. Париж анжуманида фуқоролик жамиятининг 14 мингга яқин вакили иштирок этади. Конференция доирасида маданият бўйича 65 лойиҳа, 227та бошқа тадбир, 184та мунозара ва давра суҳбатлари ўтказилади. Умумий ҳисобда 6 мингта учрашув режалаштирилган. Жумладан, давлат раҳбарлари иштирокида икки томонлама учрашувлар ўтказиш хам кутилмоқда. COP21 тайёргарлик кўриш ва ўтказиш учун 170 миллион евро сарфланди.

Жаҳонинг кўплаб мамлакатларида шанба ва якшанба кунлари иқлим ўзгаришига бағишланган намойишлар бўлиб ўтди. Унда умумий ҳисобда 570 минг киши иштирок этди. Халқаро анжуман арафасида тақиқларга қарамасдан, Атроф-муҳит ҳимоячилари Парижда оммавий тадбир ўтказди. Ташкилотчилар намойишда 10 мингга яқин киши иштирок этганини айтаётган бўлса, полиция ходимлари 4,5 минга яқин киши қатнашганини маълум қилди. Республика майдонида ноанъанавий тадбир ўтказилди. Тўғрироғи, 20 минг жуфт пойафзал майдонга териб қўйилди. Кейинчалик бу оёқ-кийимларнинг ҳаммаси хайрия сифатида кам таъминланганларга берилади.

Муаллиф: Шарофиддин Тўлаганов