Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳридаги қайта ишлаб чиқариш корхоналаридан бирида ёнғоқ сути ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу ҳақда КирТаг нашри компания бош директори Абдигапар Кайиповга асосланиб, хабар тарқатган.

"Биз корхонада монтаж ва қурилиш ишларини олиб бормоқдамиз. 2016 йилнинг мартидан ишлаб чиқаришга киришилади. Биз Қирғизистондаги грек ёнғоғи далаларида етиштирилган маҳсулотлардан сут олишни синаб кўрдик. Технологиялар Хитойдан келтирилган", дейди Кайипов.

Унинг айтишича, аввалига бу ичимлик 4 турда тайёрланади. Хусусан, шакарли, шакарсиз ва кофели турлари.

"Биз яна 17 турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз: шафтолили, гилосли, олмали, нокли", деган у.

"Битта идишдаги ёнғоқ сутини 36 сомдан сотишни режалаштиргандик. Лекин доллар кўтарилмоқда. Битта идишда 250 мл ичимлик бўлади. Бугун фестивалда бундай ичимликнинг 500тасини 50 сўмдан сотдик", деган Кайипов.

Қайд этилишича, ёнғоқ сути витаминларга бой тўйимли ва фойдали ичимлик ҳисобланади.