Қозоғистон Миллий банки 2015 йил 1 декабрдан 20 минг тангалик қоғоз пулни муомалага киритмоқда, деб хабар бермоқда банк матбуот хизматига иқтибос келтирган ҳолда nur.kz нашри.

“Қозоғистоннинг биринчи президенти давлат байрами муносабати билан Қозоғистон Миллий банки 2015 йил 1 декабрдан 20 минг тангалик қоғоз пулни муомалага киритмоқда”, дейилмоқда хабарда.

Миллий банкда бу қоғоз пул 2013 йилдаёқ тайёрлангани эслатиб ўтилди.

“Бу қоғоз пул муомалага киритилгандан кейин бошқа пул бирликлари билан бир қаторда қонуний тўлов воситаси ҳисобланади ҳамда барча тўловлар ва пул ўтказмаларида қабул қилиниши шарт”, деб айтилмоқда хабарда.

Банкнота дизайни муомалада бўлган бошқа банкноталар билан бир услубда бажарилган: пулнинг олд томони аксарият вертикал чизиқлардан, орқа томони горизонтал чизиқлардан иборат. Банкнота ўлчами 155х79 мм. У кулранг-кўк рангларда ишланган.

Олд томонида “Қазақ Елi” ёдгорлиги, қанотли от ва Мәңгілік Ел тантанавор аркаси асосий тасвирлар ҳисобланади. “Қазақ Елi” тарихий-ёдгорлик мажмуаси Қозоғистон мустақиллигининг рамзи бўлиб, Остонанинг 10 йиллик юбилейи арафасида очилган. Ёдгорлик тоши баландлиги 91 метр бўлиб, Қозоғистон мустақилликка эришган 1991 йилни билдиради.

Банкнотанинг чап юқори қисмида қанотли от тасвирланган. Қанотли от кўп халқларда, жумладан туркийзабон ва кўчманчи халқларда соф нур ва ҳаёт, илҳом ва ҳосилдорлик, мақсадга интилувчанлик ва ҳокимият рамзи сифатида қабул қилинган.

Банкнотанинг орқа томонида асосий тасвир сифатида Қозоғистон харитаси ва Остонанинг Оқўрда, Парламент ва Ҳукумат бинолари манзаралари намоён бўлган.

Янги банкнота қозоқ тангаси пул бирликлари ичида энг ҳимоялангани ва дунё бўйича энг ҳимояланганлардан бири ҳисобланади.

Банкнотани ҳимоя қилиш учун қалбакилаштиришдан ҳимоялаш соҳасидаги энг охирги инновациялардан фойдаланилган. Банкнотанинг олд тарафидаги ҳимояловчи элементлар сифатида уни ёруғликка тутганда икки томондан кўринувчи Самруқ афсонавий қуши кўринишидаги сув белгиси ва қушнинг шаффоф ойна кўринишидаги контури ҳизмат қилади. Банкнота дизайнининг товланувчи элементлари қанотли от, қозоқ нақши ва товланувчи ҳимоя ипи кўринишида бажарилган.

Кўзи яхши кўрмайдиганлар учун банкнотанинг ўнг томонига ушлаганда сезилувчи 7 та баланд рельефли учбурчак туширилган.