Ўзбек эстрада санъати вакилларидан бири Райхона Ғаниева “Инстаграм” ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали кўчаларда тиланчилик қилиб юрганларни кескин танқид қилиб, мухлисларни уларга пул бермасликка чақирди.

“Тиланчилик – бизнес?! Мурғак бола – бизнес қуроли! Манфур бизнесга йўл қўйманг! Уларга пул берманг!” деб ёзди хонанди.

Унинг айтишича, кўчада болали тиланчи аёлларга дуч келсак, кўпинча уларнинг болалари ухлаб ётганига говоҳ бўламиз. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз: нега уларнинг қўйнидаги мурғак болалар доим ухлаб ётади? Вахоланки, гўдаклар доимо ухламайди, аксарияти эса тиниб-тинчимас, шўх бўлади. Бола хархашаси тиланчилик жараёнига халақит бериши мумкин. Бугун дунё миқёсида тиланчилик “қора” бизнес сифатида қулоч отаётган пайтда, тиланчилар қўлидаги болалар ана шу бизнеснинг бир қисмига айланмаяптими? Нега тиланчилар қўлидаги болалар доим ухлаб ётади?!

Мазкур пост ва фотосуратлар қисқа муддат ичида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Унда айримлар тиланчилар ёнини олган бўлса, кўпчилик хонанданинг сўзларини қўллаб-қувватламоқда.

Айни пайтда Райхонанинг саҳифасини 326 мингдан зиёд фолловер кузатиб бормоқда. Эстрада санъати вакилларининг маънавий қиёфаси, ижтимоий тармоқлардаги фаолияти кескин танқид остига олинаётган бир вақтда санъаткорнинг ижтимоий мавзуга урғу қаратиши аҳамиятга молик.