Сурияда уриб туширилган Су-24 самолёти учувчиси Олег Пешковнинг жасади солинган самолёт Туркиядан Москвага учиб келди ва Чкаловский аэродромига қўнди. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги хабар тарқатган.

Самолётни Россия мудофаа ишлари вазири Сергей Шойгу ҳамда Россия ҲҲК бош қўмондони, генерал-полковник Виктор Бондарёв раҳбарлигидаги ҳарбийлар кутиб олишди.

Қайд этилишича, марҳум учувчини олиб келаётган самолёт қирувчи самолётлар ҳамроҳлигида аэродром ҳудудига кириб келган.

Марҳумнинг қариндошлари илтимосига кўра у Липецкдаги қабристонга дафн қилинишига келишилган.

Бироз олдинроқ, Туркия Олег Пешконинг тобутини Суриядан олиб чиқиб, Москвага жўнатгани хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, 24 ноябрь куни Сурия осмонида уриб туширилган Су-24 бомбардимончи самолёти Суриянинг Латақия вилояти ҳудудига, Туркия чегарасига яқин бўлган ҳамда Россия авиацияси базаси жойлашган ҳудудга қулаганди.

Самолётни уриб туширган Туркия томони самолёт ўз ҳаво кенгликларини бузиб ўтганликда айблаб уриб туширган.

Москва томони эса бу айбловни тан олмаган.