Сурияга кетишда қўлга олинган йигитлар қилмишларидан пушаймонлиги учун суд залида озод қилинди

Жамият 30 Ноябрь 2015 12470

Сурхондарё вилоят суди Сурияга кетишга ҳаракат қилганида қўлга олинган ёшлар – Юсуф Эсонтурдиев ва Абдураҳмон Эшқобиловни суд залидан озод қилди. Бу ҳақда вилоят суди вакилига таянган ҳолда 12news.uz ресурси хабар бермоқда.

Айтилишича, Шўрчи туманида истиқомат қилувчи Раҳматилла ва Юсуф Эсонтурдиевлар, шунингдек, Абдураҳмон Эшқобилов 2013 йили Доғистонга (Россия) меҳнат муҳожирлигига йўл олган.

У ерда Раҳматилла “Ҳизб ут-таҳрир” экстремистик гуруҳи таъсири остига тушиб, “Одноклассники” ижтимоий тармоғи орқали ИШИД жангарилари билан ёзишмалар олиб бориб турган. 2014 йил ноябрида Раҳматилла Москва-Киев-Истанбул йўналиши бўйича Сурияга йўл олган, қариндошлари Юсуф ва Абдураҳмонга эса Ўзбекистонга қайтишни топширган.

2015 йилда Юсуф ва Абдураҳмон интернет орқали Раҳматилла билан алоқага чиқиб, унинг ИШИД қароргоҳларидан бирида тайёргарлик ўтаётганидан хабар топишган ҳамда унинг чақириғига биноан ўзлари ҳам “жиҳод”да иштирок этишга йўл олишган. Улар Андижонга кетаётганларида Шўрчи-Тошкент автобусида қўлга олинган.
Ёшларнинг пушаймонлиги, уларнинг оилавий шароити ва яшаш жойидан берилган тавсифнома туфайли суд уларни озод этишга қарор қилди.

Раҳматилла Эсонтурдиев эса Суриядаги ҳарбий тўқнашувлардан бирида ҳалок бўлгани маълум қилинди.

Кўпроқ янгиликлар