Германия раҳбарияти маҳаллий экстремистик кучлар Суриядан қочиб келган муҳожирлар орасида ўзлари тарафдор қидириб юрганлигидан хавотирда. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетаси ёзмоқда.

Таъкидланишича, четдан кириб келаётган муҳожирлар маҳаллий масжидларга ташриф буюришади, аммо диний муассасаларда уларни ёлловчилар “ўлжа” тариқасида кутиб олишади. Охирги 1 йил давомида 100тача шундай ҳолат кузатилган. Қочқинларни ўз сафларига жалб қилиш учун ёлловчилар улар овқат, бошпана таклиф қилган, шунингдек, турли ўтиришлар ва футбол ўйинларига даъват этган.

Шу билан бирга, кўпгина сиёсатчиларнинг таъкидлашича, диний можаролар авж олган Суриядан қочиб келган кўплаб қочқинлар ҳозирча бундай гуруҳлардан узоқроқ юришга ҳаракат қилмоқда, негаки экстремизмнинг бутун оқибатларини ўз кўзлари билан кўришган. Махсус хизматлар ходимлари ҳам маҳаллий экстремистик гуруҳларнинг ёлловчилар омадсизликка учраётганини эътироф этмоқда.