Франциянинг Alstom ва Германиянинг Teichmann Group компаниялари Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларда иштирок этишади

Ўзбекистон 01 Декабрь 2015 1821

Франциянинг Alstom ва Германиянинг Teichmann Group компаниялари Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларда иштирок этиши маълум қилинди.

5-6 ноябрь кунлари Тошкентда ўтказилган Халқаро инвестициявий форум “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарни модернизациялаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, тармоққа хорижий инвесторларни янада кенг жалб этишда муҳим аҳамиятга эга бўлган. Форумда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг имкониятлари билан яқиндан танишган хорижий инвесторларда Тошкент механика заводи фаолияти катта қизиқиш уйғотган.

УзАнинг маълум қилишича, “Ўзбекистон темир йўллари” ва Франциянинг “Alstom” компанияси билан асинхрон тортишли электр двигателлари, Германиянинг “Teichmann Group” компанияси билан юк кўтариш машиналари кранлари ва механизмларини модернизация қилиш, тиклаш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш юзасидан имзоланган меморандумларга мувофиқ мазкур инвестиция лойиҳалари Тошкент механика заводи базасида амалга оширилади.

Ҳозирги кунда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, 2016 йилда инвестиция лойиҳаларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, муҳандислик-транспорт коммуникацияларини улаш, қўшма корхона ташкил қилиш бўйича ҳужжатларни тайёрлаш ва битим имзолаш кўзда тутилган.

Ўзбекистон президентининг жорий йил 30 апрелдаги “Тошкент механика заводи” акциядорлик жамияти фаолиятини янада ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ мазкур корхонада тўрт йўналишда 38 лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Шундан 14 лойиҳа юк ва йўловчи вагонлари, совутгич ва контейнерлар, бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш каби йўналишларга тааллуқли. Энг муҳими, ташкил этиладиган ишлаб чиқариш қувватларига 2018 йилнинг 1 январига қадар солиқ ва божхона имтиёзлари қўлланилади.

Кўпроқ янгиликлар