Истанбул губернатори: Метро бекатида қўлбола бомба орқали теракт содир этилди

Жаҳон 01 Декабрь 2015 6435

Туркия расмийлари Истанбулдаги метро станциясида бомба портлаганини тасдиқлади. NTV телеканалининг Истанбул губернатори Васип Шаҳинга асосланиб хабар беришича, шаҳар метросининг "Байрампошо" бекатида теракт содир этилган.

"Портлаш сабаби ҳақида аниқ маълумотлар олинмади. Барча эҳтимоллар кўриб чиқилади. Ҳозирги маълумотларга кўра ерости ўтиш йўлида қўлбола бомба ҳаракатга келтирилган", дейди губернатор.

Телеканал хабарида айтилишича, портлаш юз берган вақтда ўтиш йўлида поезд ҳаракатланаётган бўлган. Натижада вагонларнинг ойналари синиб тушган. Метрода поездлар ҳаракати тўхтатилган. Йўловчилар хавфсиз жойга эвакуация қилинган.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳодиса натижасида жабрланганлар сони беш кишига етган.

Бироз олдинроқ бу портлаш туфайли бир киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилинганди.

Портлаш Байрампошшо тумани ҳудудида содир бўлган.

Айни вақтда ҳодиса юз берган ҳудудда хавфсизлик чоралари кучайтирилган, атроф ўраб олинган. Пиёдалар ва автомобиль ҳаракати тўхтатилган.

Кўпроқ янгиликлар