Бугун, 1 декабрь куни бутун дунёда ОИТСга қарши кураш куни кенг нишонланади. Турли илмий конференция ва семинарлар, ушбу хасталикдан вафот этганларни ёд этиш маросимлари, ОИТСга қарши курашга қаратилган учрашувлар...

Ер юзида истиқомат қилаётган 37 миллион беморни ўз исканжасига олган, уларга ҳар куни ўлим, оғриқ, уқубутларни эслатиб турган ОИТС бир кунлик кураш билан мағлуб бўлиб қолмайди. Буни яхши тушунган тиббиёт ва фармацевтика соҳаси вакиллари неча йиллардирки, тинимсиз изланишда, охири ўлим билан тугайдиган касалликка қарши ишончли даво топмаган бўлсалар-да, бемор аҳволини енгиллатиш, унинг умрини узайтириш бўйича бирмунча ютуқлар қўлга киритилди.

2015 йилнинг 24 ноябрь куни БМТнинг ОИТСга қарши кураш бўйича дастурининг ҳисоботи эълон қилинди. Унда қайд этилишича, 2013 йил охирига бориб дунёда 36,9 миллион киши ОИВга чалинган бўлиб, уларнинг 70 фоиздан зиёдроғи Африкада, Саҳрои Кабир жанубида яшамоқда. Касалликка чалиниш ҳолати 2000 йилга келиб 35 фоизга камайган. Антиретровирус терапиясини эса 2015 йилда 15,8 миллион киши қабул қилмоқда. Бу 2014 йилдаги кўрсаткичга қараганда 2,2 миллион нафарга кўп демакдир.

АҚШ тақдим этган сўнгги маълумотларга кўра, ОИТСга чалинганлар орасида вафот этувчиларнинг ўртача ёши 1987 йилдагига қараганда кескин кўтарилган. Эркаклар учун у 34 фоизга ортиб, 37,9 (1987 йил)дан 50,8 ёшга (2013) етган. Аёллар ўртасида эса 35,2 ёшдан 49,7 ёшга қадар кўтарилган.

Бундай натижаларга даволанишни эрта босқичларда бошлаш, узоқ муддатли терапия ва ОИТСга чалинганларга кўрсатилаётган тиббий хизмат эвазига эришилмоқда. 2010 йилларда антиретровирус терапия самараси кўзга ташлана бошлади: кучсизланган иммун тизимига эга беморларда ҳам ҳаёт даражаси ошгани ва бошқа инсонларга вирус юқтириш эҳтимоли пасайгани кузатилди.

ОИТС юртимизда илк маротаба 1987 йили хориждан келиб ўқиётган талабалар орасида қайд этилган эди. Ўша йили республика СПИД диагностика маркази ташкил қилинган. ОИВ инфекцияси билан касалланган биринчи ўзбекистонлик эса 1989 йили аниқланган бўлса, сўнгги йилларда ушбу юқумли касаллик билан янги касалланганлар сони йилига 4 мингдан камроқни ташкил этмоқда. Республика ОИТСга қарши кураш марказининг маълум қилишича, 2014 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 27,5 мингдан кўпроқ ОИВ билан касалланган беморлар қайд этилган. Шунингдек, Ўзбекистонда ОИВ (одам иммуновируси) билан касалланган оналардан туғилган болаларнинг 99,8 фоизи соғлом дунёга келмоқда.

Бироқ бу билан ОИТС энди хавфсиз касалликка айланди, дея хотиржамликка берилиб бўлмайди. Шифокорларнинг қайд этишича, мазкур хасталикка чалинганлар ҳаётига эндиликда ОИВ вируси эмас, балки антиретровирус терапия жараёнида қўлланилган дори воситаларининг салбий акс таъсири ва иммун етишмовчилиги оқибатлари – инфаркт, саратоннинг муайян турлари ва асаб касалликлари асосий хавф туғдирмоқда

Одамлар орасида унинг қандай касаллик эканини, қай йўллар билан юқиши ва қанчалар оғир оқибатларга олиб келишини билмайдиганлар қолмаган бўлса керак. Ҳеч бўлмаганда унинг ҳалигача давоси топилмаган ва ўлимга олиб борадиган юқумли хасталик экани ҳақида тасаввур бор. Аммо инсон ўз номи билан инсон, яъни “унутувчи”. Касаллик томон кўр-кўрона қадам ташлайди. Бу одимлар одатда гиёҳвандлик, фаҳш йўлидан ўтади, борар манзил эса аниқ – ўлим.