26 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида аҳоли орасида табиий ис гази ва овқатдан заҳарланиш, ботулизм ва бошқа бир қатор юқимли касалликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар мавзусига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжумани Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ташкил этилиб, унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Ўзтрансгаз” АК мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Мутахассислар ўз маърузаларида кун тартибидаги масала юзасидан республикамизда содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар юзасидан анжуман иштирокчиларига атрофлича маълумот беришди. Бу ҳақда Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати хабар берган.

"Ҳақиқатдан ҳам қиш мавсумида, яъни об-ҳавонинг кескин пасайиши кузатилганда аҳоли орасида иситиш мосламаларидан фойдаланиш ва консерваланган маҳсулотларга бўлган эҳтиёжи сезиларли даражада ошади.

Айни ҳолатни инобатга оладиган бўлсак, матбуот анжуманида кўриб чиқилган масала бугунги кунда нақадар долзарб эканлиги, ўз вақтида аҳолига хавфсизлик қоидаларини этказиш зарурлиги ва огоҳликка чақириш муҳимдир.

Мавсум олдидан мутахассислар томонидан жойларда бир қатор амалий тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, ностандарт, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган иситиш мосламаларини кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида ўтказилган ўрганиш ишларида 1934 та ҳолат аниқланган ва бартараф этилган.

Бундан ташқари, овқатдан заҳарланиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида бозорлар ва оммавий овқатланиш жойларида, даволаш ва ўқув муассасаларида жами 16640 маротоба давра суҳбатлари, учрашувлар ва тушунтириш ишлари ўтказилган.

Бу йўналишда олиб борилаётган ишларнинг самарасини ошириш учун мунтазам равишда оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар ташкил этилиб, бевосита аҳоли билан мулоқот давомида 271 мингдан ортиқ эслатмалар тарқатилган", дейилади хабарда.

Анжуман ўзига хос жонли тарзда бўлиб ўтди ва журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан жавоб олишди.