Жорий йилнинг 5-6 ноябрь кунлари Тошкентда ўтказилган Халқаро инвестициявий форум доирасида "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва Хитой ҳамкорлик қилиши тўғрисидаги меморандум имзоланган.

УзА хабарида айтилишича, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти билан Хитой Халқ Республикасининг “ХСMG” компанияси ўртасида “Урганч экскаватор заводи” акциядорлик жамиятининг 44,4 фоиз улушини сотиб олиш юзасидан англашув меморандуми имзоланди. Айни пайтда “Ўзбекистон темир йўллари” мутахассислари хитойлик инвесторлар билан ахборот алмашинувини йўлга қўйган.

Шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” ва Франциянинг “Alstom” компанияси билан асинхрон тортишли электр двигателлари, Германиянинг “Teichmann Group” компанияси билан юк кўтариш машиналари кранлари ва механизмларини модернизация қилиш, тиклаш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш юзасидан имзоланган меморандумларга мувофиқ мазкур инвестиция лойиҳалари Тошкент механика заводи базасида амалга оширилади.

Инвестициявий форум доирасида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик компанияси хорижлик инвесторлар билан умумий қиймати қарийб 53 миллион долларлик англашув меморандумлари ва шартномалар имзолаган.