Ўзбекистонда 2020 йилга қадар интернетга уланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган 9та лойиҳа амалга оширилади. Бу ҳақда 30 ноябрь куни Ўзбекистон алоқа тарихи музейида бўлиб ўтган Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларида кенг полосали технологияларнинг жорий қилинишига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Тадбирда таъкидланганидек, телекоммуникация хизматлари бозори операторлари томонидан минтақаларда кенг полосали уланиш портларини кенгайтириш, сифатли хизмат кўрсатиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мазкур жараён Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йилда тасдиқланган 2015-2019 йилларда ахборот-коммуникация технологияларининг манзилли ривожлантириш дастурига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Дастур ўзида умумий суммаси 883,7 млн доллардан иборат 9 та йирик инвестиция лойиҳани ўз ичига олган бўлиб, улар орасида қуйидаги лойиҳалар мавжуд:
- мобил алоқа тармоқларини, хусусан, ҲСПА+, 4Г ЛТE технологияларини ривожлантириш;
- қайд этилган ва симсиз кенг полосали уланиш тармоқларини кенгайтириш;
- маълумотлар узатиш магистрал ва мултисервис тармоқларини кенгайтириш, оптик-толали алоқа линияларини қуриш;
- мултимедиа хизматларининг янги турларини жорий этиш ва контентни ривожлантириш учун қулай шароитларни яратиш.

Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш натижасида қайд этилган кенг полосали уланиш портлари сони 2,2 марта, маълумотлар узатиш тезлиги эса 20 мартага ошади. Шунингдек, 20дан ортиқ янги хизмат турларини жорий этиш, жумладан, ИП-телевидения, ИП-телефония ва бошқа хизматларни янада ривожлантириш режалаштирилган.
Мазкур барча ишлар мамлакатимиз экспертлари томонидан етакчи халқаро мутахассисларни жалб этган ҳолда, махсус ишлаб чиқилган ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш дастури доирасида комплекс равишда амалга оширилмоқда.