30 ноябрь куни Ўзбекистоннинг Россиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимидан озод этилган Акмал Камалов «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компаниясига раҳбар сифатида тайинланган. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВнинг фейсбукдаги саҳифасида маълумот берилган.

Камалов Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси сифатида бир йилдан ортиқроқ вақт давомида фаолият кўрсатди (2014 йилнинг октябрь ойидан 2015 йилнинг ноябрь ойигача). Акмал Камалов илгари Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Акмал Камалов Тошкент темир йўл муҳандислари институти (1991 йил, муҳандис-механик) ва Президент қошидаги давлат ва жамият қурилиши академияси (2004 йил, халқаро иқтисодий муносабатлар магистри) битирувчиси ҳисобланади. Иқтисод фанлари номзоди илмий даражасига эга.

2001—2005 йилларда «Ўзбекистон темир йўллари» давлат компаниясида халқаро иқтисодий алоқалар департаменти раҳбари бўлиб ишлаган.

2005—2011 йилларда Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги раиси ўринбосари, кейин эса Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири ўринбосари бўлиб ишлаган.

27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Ўзбекистонда пахта хомашёсини қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланадиган “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси ташкил этиш бўйича фармонини имзолаганди.