Пентагон вакили Мишель Балданса Россиянинг Суриядаги Су-24 бомбардимончи самолётларининг “ҳаво-ҳаво” ракеталари билан жиҳозланиши Суриядаги вазиятни янада мураккаблаштиришини айтмоқда. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги маълум қилди.

“Бизда бундай маълумотлар бор. Мен аввал айтганимдек, бундай тизимлар Сурия осмонидаги шундоқ ҳам мураккаб вазиятни янада мураккаблаштиради ва ҳаво кучларига эга бўлмаган ИШИДга қарши курашда улардан фойдаланишга ҳожат йўқ”, деб айтди Балданса.

Балданса АҚШ Россиядан парвозлар хавфсизлиги бўйича ўзаро тушуниш меморандуми бажарилишини кутиб қолишини қўшимча қилди.

Бундан ташқари, Пентагонда Москва халқаро коалиция самолётларига қарши ракеталар йўналтирмаслигига умид билдиришмоқда.

Аввалроқ Россиянинг Су-34 самолётлари Сурияда биринчи марта “ҳаво-ҳаво” ракеталари билан ҳавога кўтарилгани маълум қилинганди.