Россия президенти Владимир Путин россиялик машҳур ҳажвчи Геннадий Хазанов билан учрашуви пайтида артистни “Ватан олдидаги хизматлари учун” I даражали ордени билан тақдирланиши ҳақидаги фармонни имзолаганини айтиб, унга пазандачилик китобини совға қилди.

70 ёшини қаршилаётган артист ҳам ўз навбатида 1 декабрда Кремлда бўлиб ўтган учрашувга бўш қўл билан келмади: у ўзи билан совға сифатида император тожининг нусхасини олиб келди.

“Сизни 70 ёшингиз билан табриклашга ижозат бергайсиз ва кўп миллионлик мухлисларингиз илтимоси билан сизни “Ватан олдидаги хизматлари учун” I даражали ордени билан тақдирлаш ҳақидаги фармонни имзолаганимни айтмоқчиман. Орден номи сиз кўплар йиллар давомида қилган ишларингизга мос”, деб айтди Путин.

Путин артистга ижоди ва “қийин иши” учун миннатдорчилик билдирди ва ҳамда “ошпазлик техникумининг энг машҳур битирувчиси” ҳисобланган Хазановга ноёб пазандачилик китоби нусхасини совға қилди.

Хазанов ҳам яқинда бўлиб ўтган Путиннинг туғилган кунига тайёрлаб қўйган совғаси – император тожи нусхасини унга тақдим қилди.

“Агар нимадир камтарроқ нарса олиб келганингизда ўзимга олиб қолардим, бироқ энди бу қимматбаҳо совғангизни Кремлга топширишга тўғри келади”, деб айтди Путин. Хазанов битта тож Россия Олмос фондида туришда давом этаверишини, буниси эса Путиннинг “ишчи хонасида туриши мумкинлигини” айтиб ҳазиллашди.

“Катта раҳмат, бироқ буни қилолмайман”, деб таклифни рад этди Путин. Путин тожни қўлга олиб Хазановнинг бошига кийгазиб қўйди ва “Бугун мен эмас, сиз юбилярсиз, шунинг учун бу тожга сиз муносибсиз” деб айтди. Хазанов унга бу кийим-бош “оғирлик қилишини” таъкидлаб ўтди.