Россия ҳукумати Туркияда ишлаб чиқарилган ва тайёрланган ҳамда 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб Россияга олиб келиниши тақиқланган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, озиқ-овқатлар ва хом ашёлар рўйхатини тасдиқлади. Бу ҳақда ҳукумат сайтида маълум қилинган.

Бу рўйхатда Туркияда етиштирилган чорвачилик маҳсулотлари (музлатилган товуқ ва курка гўштлари ва улардан тайёрланган маҳсулотлар), сабзавотлар (гулкарам ва карамнинг бошқа турлари, помидор, бодринг ва тузланган бодринглар, пиёз), мевалар (янги ва қуритилган цитруслар, апелсинлар, мандаринлар ва уларнинг танжерин, сатсума, клементин, вилкинг каби гибридлари, янги олмалар, ноклар, ўриклар, шафтолилар, нектаринлар, олхўрилар ва тёрн, шунингдек, узум, ертут ва қулупнай ўрин олган.

Ҳукумат қарорига кўра, 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб Туркиядан Россияга туз олиб келиш ҳам тақиқланади.

Бевосита Туркиядан қайтаётган россияликлар томонидан олиб келинаётган ва шахсий фойдаланиш нормаларидан ошмаган миқдордаги маҳсулотлар бу тақиққа тушмайди.

Мамлакат бош вазири Дмитрий Медведев томонидан имзоланган бу қарор расман эълон қилинган вақтдан бошлаб кучга киради.