Самарқанд шаҳар ҳокимлиги маданият ва спорт ишлари бўлими, Амир Темур маданият ва аҳоли дам олиш маркази ҳамда 55-сонли умумтаълим мактаби ҳамкорликда маданият маркази қошидаги “Халқ хори”нинг ташкил этилганига 50 йил тўлиши муносабати билан “Қўшиққа муҳаббат” деб номланган юбилей концертининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Кечада хор ижроси учун ёзилган машҳур классик қўшиқлар, кўпчиликга манзур бўлган ижодий дастур намойиш қилинди, бундан ташқари, Амир Темур маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги бадиий ҳаваскорлик жамоалари ушбу ижодий гуруҳни унутилмас сана билан табриклаш учун ўзларининг ранг-баранг чиқишлари билан тадбирга келганларни хушнуд этдилар.

Тадбирни Рус миллий маркази раиси Юрий Огнев табрик сўзи билан очиб, жамоанинг ижодий йўлига бир оз назар ташлади, улар олиб бораётган ёрқин ижодий жараён тўғрисида тўлқинланиб гапирди ва жамоага миллий марказ номидан тайёрланган ташаккурномани топширди. Тўйга тўёна дегандек, 55-мактабнинг чет тили ўқитувчиси “Эсперанто” тўгарагини фаол қатнашчиси Баҳодир Хабибов жамоага Анатолий Ионесов томонидан ёзилган бағишловни ўзбек тилига таржима қилган ҳолда ўзбек ва рус тилларида ўқиб берди. Ижодий кечада қўшиқчи ва шоумен Марат Садиков, моҳир рақс устаси Ёдгора Нарзуллаева, Алла Дукарт ва Анатолий Кузнецов дуэти, 55-мактаб ўқувчиси Бобур Муҳиддинов, хушовоз хонандалар Шерзод Турсунов, Салоҳиддин Орипов, “Дўстлик” клубининг фаол иштирокчиси Роза Шамсутдиновна Рафиковалар ўз дастурларни билан иштирок этдилар.

Амир Темур маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошида фаолият кўрсатиб келаётган “Халқ хор” жамоаси, айтиш мумкинки, нафақат вилоятимизда, балки республикамиздаги энг кекса хор жамоаларидан. Жамоанинг “Халқ хори” унвоннини олганига бу йил 50 йил тўлди. Ижодий жамоа ўзининг ёрқин фаолияти давомида бир неча маротиба шаҳар, вилоят ва республика миқиёсида ўтган турли кўрик-танловларда, фестивалларда ғолибликни қўлга киритган. Бу ижодий фаол жамоа, доимо изланишда репертуарига назар ташласангиз, ранг-баранг, хор ижроси учун ёзилган классик қўшиқлардан тортиб, замонавий қўшиқларгача мавжуд. Турли йилларда давомида ижодий жамоага Бўри Комилов, Владимир Мнацаканов, Серкий Кананчук, Сергей Канончук, Алла Папандакуло, Светлана Клинкова, Нина Боброва, Эльвира Ибрагимова, Сергей Кардашов, Лидия Сидорова, Валерий Бурковский, Ирина Доронина, Галина Вулих, Тамара Шахова, Шоди Махмудов, Галина Солдатова, Евдокия Корниенко, Инна Легкова, Людмила Попова фаолият кўрсатиб келдилар. Бугунги кунда Тошкент Давлат консерваториясини тамомлаган Хусния Саттарова ижодий жамоага хормейстер, Самарқанд санъат билим юртини тамомлаган Елена Петренко концертмейстерлик вазифаларида фаолият кўрсатиб келмоқдалар.

Ҳозирда жамоа аъзоларининг умумий сони 22 кишидан иборат. Турли соҳаларда фаолият кўрсатган, ҳозирда кексалик гаштини сўраётган нуроний, ҳар хил миллат вакилларидан иборат турли ёшдаги инсонларни халқ қўшиқларига бўлган муҳаббатгина бирлаштира олган.

Ижодий гуруҳнинг репертуарига назар ташлайдиган бўлгангиз рус ва ўзбек композиторлари яратган асарлар ҳамда жаҳон дурдонаси бўлган мусиқа ва қўшиқлар борлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Ижодий жамоа Самарқанд шаҳримизнинг маданий ҳаётида муносиб ўрни ва салоҳияти бор. Ҳар қандай ўтадиган байрамлар ижодий жамоасиз ўтмайди. Бу Янги йил тадбири дейсизми, мустақиллик байрами, “Наврўз”, “Ватан ҳимоячилари” куни, “Хотира ва қадрлаш” куни, Шаҳар куни, “Гуллар байрам”ларини айтиб ўтиш мумкин. Ижодий жамоа ҳар йили Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан жойларда байрамолди хайрия тадбирларини ўтказишни анъанага айлантириб бормоқда. Шундай хайрия тадбирлари мактабларда, коллежларда, харбий қисмларда, меҳрибонлик ҳамда саҳоват уйларида, А.П. Чехов номида театрида намоиш қилиниб келинмоқда. Мана, 50 йилдан буён ижодий жамоа ўз қўшиқлари билан санъатсевар самарқандликларни хушнуд этиб келмоқдалар. Самарқанд шаҳар Амир Темур маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги “Халқ хор” жамоаси барча ушбу санъат турини севувчиларини ўз жамоаси сафига таклиф этади. Марҳамат, келинг, хурсанд бўламиз!

Очил Жуманазаров, Самарқанд шаҳар Амир Темур
маданият ва аҳоли дам олиш маркази директори
Фото: А. Иванов