30 ноябрь куни Сурхондарё вилояти маъмурий марказида «Термиз тарихий-маданий қадамжолари» деб номланувчи харита тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz» интернет-нашри хабар тарқатмоқда.

Манбанинг ёзишича, харита ўзбек, рус, инглиз тилларида бўлиб, ҳудуднинг туризм салоҳиятини кенгайтириш ҳамда унинг маданий ва тарихий ёдгорликлари ҳақида ахборот бериш мақсадида тайёрланган.

Мазкур лойиҳа OXUS Culture ташкилоти томонидан Гёте институтнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Термиз археология музейи билан ҳамкорликда амалга оширилди.

A3 форматидаги нашр қадимий Термиз ҳудудидаги 20 та объектни, жумладан Ал Ҳаким ат-Термизий, Фаёёзтепа, Зул-Кифл, Султон Саодат, Кокилдор ота ва Имом Термизий мақбаралари каби тарихий ёдгорликларни ўз ичига олади.

OXUS Culture берган маълумотга кўра, ташкилот келгусида мамлакатнинг бошқа ҳудудлари учун ҳам худди шундай хариталар ишлаб чиқишни режалаштирилмоқда.