“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона мажмуаси ходимлари ва бошқа ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари томонидан ҳаво йўналишлари орқали олтин ва заргарлик буюмларини ноқонуний олиб кириш ва олиб чиқиб кетишнинг олдини олиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

2015 йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида “Тошкент-Аэро” божхона мажмуаси ходимлари ва бошқа ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари томонидан божхона қоидаларининг 12 та бузилиши ҳолати фош этилди, умумий қиймати 1,7 млрд сўмни ташкил қилувчи 38,2 кг олтин ва заргарлик буюмларини ноқонуний ташишнинг олди олинди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан акциз солиғи солинмай олиб кириладиган товарларнинг миқдорий чекланган нормаларига кўра, Ўзбекистонга акциз солиғига тортмай туриб умумий оғирлиги 30 граммдан ошмайдиган қимматбаҳо металл ва тошлардан ясалган 5 та заргарлик буюми олиб киришга рухсат этилади. Бундан ташқари, Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ, божхона чегараларини кесиб ўтаётганда декларациянинг 5-бандида қимматбаҳо буюмларнинг мавжудлиги ва аниқ сони кўрсатилади.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг “Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” қарорига кўра олтин ва заргарлик буюмларини республикадан экспорт қилиш Вазирлар Маҳкамасининг кўрсатмаси бўйича Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги лицензия орқалигина амалга оширилади.