Мобил алоқа хизматлари сифат кўрсаткичларини бузганлиги ва радиочастота ҳамда радиоэлектрон воситаларидан ноқонуний фойдаланганликлари учун 2015 йил 27 ноябрда “UNITEL” ва “COSCOM” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жазо чоралар қўлланилди. Бу ҳақда Алоқа ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси расмий сайтида маълум қилинди.

Хабарда келтирилишича, Алоқа ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси (Инспекция) томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўрсатилаётган мобил алоқа хизматларнинг салбий ҳолатлари юзасидан 4 та мобил алоқа операторларга тармоқ ривожлаништиришда узоқ муддатли ва тегишли чоралар кўрилишига эътибор қаратишлари юзасидан тегишли кўрсатмалар берилган.

Аммо “UNITEL” ва “COSCOM” МЧЖ мобил алоқа операторларнинг иш фаолиятида абонентларга узлуксиз ва сифатли хизмат кўрсатиш бўйича тезкорлик билан ўз вақтида ва тўлақонли қарорлар қабул қилиш ишлари ҳамда радиоэлектрон воситалардан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар етарли даражада эмаслигини инобатга олиб, Инспекция мазкур компанияларга ўз фаолиятларидаги камчиликларни бартараф этиш ва мобил алоқа хизматларини кўрсатишда Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва норматив ҳужжатлари талабларига мувофиқ ишларни ташкил қилиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берди.

Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва норматив ҳужжатлари талабларини бажаришни таъминлаш мақсадида ва мобил алоқа хизматлари сифат кўрсаткичларини бузганлиги ва радиочастота ҳамда радиоэлектрон воситаларидан ноқонуний фойдаланганликлари учун 2015 йил 27 ноябрда “UNITEL” ва “COSCOM” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик кодексининг 152- моддаси, 1- қисми (радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурималардан фойдаланиш тартибларини бузиш) ва 153- моддаси (алоқа хизматининг сифатига доир нормалар ва давлат тармоқ стандартларини бузиш) талабларига асосан маъмурий жазо чоралари қўлланилди.