2015 йил 3 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтади

Ўзбекистон 02 Декабрь 2015 3816

2015 йил 3 декабрь куни эрталаб соат 10.00 да Тошкент шаҳрида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг мажлислар залида очилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар қилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари 2015 йил 2 декабрь куни соат 9.00 дан 18.00 га қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биносининг фойесида рўйхатга олинади.

Сенат ялпи мажлисининг муҳокамасига аҳоли турмуш даражасининг янада оширилишини ва унинг ижтимоий ҳимоя қилиниши кучайтирилишини, иқтисодиётнинг юқори ҳамда барқарор суръатларини, аҳоли бандлигини таъминлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги Давлат бюджети тўғрисидаги, шунингдек 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисидаги масалаларнинг киритилиши режалаштирилган.

Сенат ялпи мажлисининг кун тартибига мамлакат сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларини босқичма-босқич ислоҳ қилишга ва эркинлаштиришга, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига киритилган тузатишларни амалга оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг қатор қонунлари киритилмоқда. «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси (янги таҳрири) қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш,

шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги, «Ветеринария тўғрисидаги»ги (янги таҳрири), «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги (янги таҳрири), «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар ҳамда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришни, давлат қурилиши асосларини мустаҳкамлашни, инвестиция имкониятлари ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашни, тадбиркорликни ривожлантиришни, шу жумладан замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали ривожлантиришни, аҳолининг ҳаёти ва саломатлиги қўриқланиши таъминланишини, суд-ҳуқуқ соҳаси такомиллаштирилишини назарда тутувчи қонунлар шулар жумласидандир.

Шу билан бирга навбатдаги ялпи мажлисда сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботини муҳокама қиладилар.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилади.

Кўпроқ янгиликлар