Афғонистонда фаолият юритувчи “Толибон” экстремистик ҳаракатининг янги етакчиси Мулла Мансур отишмада оғир яраланди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.

“Толибон” июль охирида гуруҳнинг собиқ етакчиси Мулла Умарнинг ҳалок бўлганини расман тасдиқлаган ва шу сабабли унинг ўрнига унинг ўринбосари Ахтар Муҳаммад Мансур тайинланган.

Афғонистондаги вазият охирги ойларда анчагина ёмонлашган. Аввал мамлакатнинг қишлоқ жойларида каттагина ерларни эгаллаб олган “Толибон” йирик шаҳарларга ҳужум қилишни бошлаган. Сентябрь охирида “Толибон” жангарилари 300 мингдан кўпроқ аҳолига эга Қундуз шаҳрини босиб олган, ҳозирда эса Ғазний вилоятининг маъмурий маркази ҳисобланган Ғазний шаҳрига ҳужумлар олиб бормоқда.