"Ал-Қоида" жангарилари Яманнинг жанубидаги 2та йирик шаҳарда назоратни қўлга олган.

Маҳаллий аҳоли вакилларига асосланиб, Рейтер агентлигининг хабар беришича, Абьян вилоятидаги Жаар ва Зинжибар шаҳарлари жангарилар қўлига ўтган. Очиқ манбалардаги маълумотларда кўрсатилишича, бу шаҳарларда 50 мингга яқин киши истиқомат қилади.
Жангарилар шаҳардаги биноларга ўз ёрлиқларини ўрнатишган, шаҳар ҳукумати вакилларини ҳокимиятдан четлаштиришган ва овоз кучайтиргичлар орқали аҳолига шаҳар босиб олингани ҳақида маълум қилишган.

Маълумот учун, Яманда ҳукумат ва исёнчи ҳусийчилар ўртасидаги қарама-қаршиликлар 2014 йилнинг августидан буён давом этиб келмоқда. Шу йилнинг январида ҳусийчиларнинг "Ансор Аллоҳ" гуруҳи Яман пойтахти бўлмиш Сано шаҳрини ишғол қилган ва президент Абд Раббо Мансур Ҳодийни шаҳардан ҳайдаб чиқарган. Мансур Ҳодий Ямандаги иккинчи йирик шаҳар Аданга кўчиб ўтган.

Исёнчилар Аданга ҳам ҳужум қилишгач, у 25 март куни Саудия Арабистонига бошпана сўраб, мурожаат қилишга мажбур бўлганди.

Шундан кейин, 26 март куни унинг илтимосига кўра, Саудия Арабистони Яманда қонуний ҳукуматни тиклаш мақсадида исёнчиларга қарши ҳарбий амалиётларга киришди. Кўп ўтмасдан Саудия Арабистони бошчилишидаги коалицияга Баҳрайн, Қатар, Кувайт, БАА, Иордания, Марокаш, Миср ва Судан ҳам кирди.

Ямандаги қуролли тўқнашувнинг бир томонида “Ансор Аллоҳ” шиалар ҳаракатидан исёнчи хусийчилар ва собиқ президент Салоҳга мойил бўлган армиянинг бир қисми, бошқа томонда Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалиция кучлари қўллаб-қувватлаётган, мамлакатдан чиқиб кетган Абд Раббо Мансур Ҳодийнинг қўшинлари иштирок этмоқда.

Охирги маълумотларга кўра, тўқнашувлар қурбонлари 5 мингдан ошиб кетган.

Бу тартибсизликлар давомида "Ал-Қоида" ташкилоти ҳудудда ўз таъсир доирасини кенгайтирди.