АҚШ хасталикларни назорат қилиш маркази маълумотларига қараганда, саратон Ўзбекистонда ўлимга сабаб бўлаётган учинчи, АҚШда эса иккинчи омил бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен Тошкентда бўлиб ўтган халқаро онкологик хасталикларга қарши кураш бўйича етакчилар форумидаги чиқишида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига қараганда, бундай кўрсаткичлар бутун жаҳонда шунга яқин ҳолатда бўлиб, саратон ҳар йили миллионлаб одамларнинг ҳаётини олиб кетаётганини кўрсатади.

“Бу бизга мазкур қўрқинчли касалликка қарши курашишда жипслашишга сабаб беради. АҚШ президентларининг кўпчилиги бу курашнинг энг олдида бориб, масалани сиёсий даражага кўтаришган. 2009 йили ушбу лавозимни эгаллаганидан буён президент Обама глобал соғлиқ учун курашни АҚШ ташқи сиёсатининг муҳим масалаларидан бирига айлантирди. Президент Обама, агарда биз биргаликда ҳаракат қилсак, инсон ҳаётини қутқариш мақсадига эриша олишимизни таъкидлаб келади”, - деди элчи хоним.