Каталониянинг «Барселона» клуби молиявий муаммолар сабаб жамоанинг икки нафар ҳужумчиси Лионель Месси ва Неймарни сотиш вариантини ҳам кўриб чиқиши мумкин. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар тарқатди.

Манбанинг ёзишича, Месси ва Неймар молиявий жиҳатдан нисбатан барқарор бўлган Манчестер шаҳри жамоаларига («Манчестер Сити» ва «Манчестер Юнайтед») клубларига кўчиб ўтиши мумкин. 

«Барселона»нинг молиявий муаммоларга дуч келишига футболчилар олаётган маош сабаб бўлмоқда. Ҳозирги кўрсаткичларга кўра, жамоа даромадининг 73 фоизи футболчи ва мураббийларнинг иш ҳақини тўлашга сарфланмоқда. Агар етакчи футболчилар жамоани тарк этган тақдирда ойлик тизими ҳам барқарорлашади. Шунингдек, Месси ва Неймарни сотиш орқали улкан даромадга эга бўлиш мумкин бўлади. 

Қолаверса, Европа чемпионлар лигасидаги клубнинг ғалабаси футболчиларга тўланадиган бонус мукофот пулларини ошишига сабаб бўлган. Агар каталонияликлар жорий мавсумда ҳам турнирда ғалаба қозонишса, мукофот пуллари эвазига катта йўқотишларга учраши мумкин.

«Барселона» президенти Хосеп Мария Бартомеу клубнинг етакчилари сотилмаслиги тўғрисида баёнот берган. Шу билан биргаликда, «Барса» ўзининг уй стадиони «Камп Ноу» номини сотиш бўйича ҳам музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабарлар мавжуд. Шунингдек клуб Qatar Airways ва Nike билан шартнома суммаларини ошириш бўйича музокара олиб боришни режалаштирмоқда.