Туркия бош вазири Аҳмат Довудўғли Россия томонидан Туркия қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан чеклов жорий қилиниши муносабати билан туркиялик ишлаб чиқарувчилар кўриши мумкин бўлган зарарлар миқдори камайтирилиши учун барча зарур чоралар кўрилишини маълум қилди. Бу ҳақда у Haberturk телеканали орқали маълум қилган.

Бош вазир Россияни конструктив музокаралар ўтказишга чақирган, туркиялик тадбиркорлардан ваҳимага тушмасликни сўраган ва ҳукумат бу вазиятда тегишли ишларни амалга оширишини ваъда қилган.

Довудўғли Су-24 самолёти билан боғлиқ вазият юзасидан ҳам фикр билдирган ва бу вазиятда Туркия ўз чегералари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида халқаро нормалар асосида ҳаракатланганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, Су-24 самолёти уриб туширилганидан сўнг Россия Туркия билан ҳарбий соҳадаги барча ўзаро алоқаларни тўхтатди.

Россия президенти Владимир Путин 28 ноябрь куни Туркияга нисбатан санкциялар жорий этиш ҳақидаги фармонни имзолаган эди.

Бироз олдинроқ, Россия ҳукумати тақиқланган Туркия маҳсулотлари рўйхатини эълон қилганди.