Адольф Гитлернинг Mein Kampf асари ("Менинг курашим") Иккинчи жаҳон уруши якунланган 1945 йилдан бери илк марта қайта нашр қилинади.

Мюнхендаги Замонавий тарих институти дастлаб ушбу изоҳлар билан тўлдирилган китобни 4000 нусхада нашр қилишни режалаштирган. Институт директори Андреас Виршингнинг маълум қилишича, китобда 3,5 мингта изоҳлар мавжуд ва бу орқали Гитлернинг китоби ҳақидаги афсонавий тахминлар йўққа чиқарилади.

Қайд этиш керакки, бу китоб охирги 70 йил ичида илк марта қайта нашр этилмоқда. Ўтган йиллар ичида "Менинг курашим"ни нашр қилиш ҳуқуқи Бавария ери ҳукуматига тегишли эди ва бу ердагилар китобни тақиқлаш бўйича санкцияларга амал қилмай келарди. Эндиликда эса китоб умумхалқ мулкига айланиши мумкин.

Бир қатор ташкилотлар фюрернинг китобини қайта нашр қилишни тақиқлаш ташаббуси билан чиқишганди. Лекин Германия ҳукумати буни инобатга олмади. Ҳукумат вакилларидан бирининг айтишича, китобни қайта нашр қилишдан мақсад тарихни ўрганиш ҳисобланади. Нацистик ғояларнинг уйғониши олдини олиш мақсадида китобнинг ададига чеклов қўйилган (4000 нусха).

Ушбу китоб нацистлар йўлбошчисининг автобиографияси ҳам ҳисобланиб, Гитлер уни қамоқда ётганида ёзган. 1925 йилда илк марта нашр қилинган бу китобда Национал-социалистик немис ишчилари партиясининг асосий ғоялари ва принциплари ифодаланган.