Кун.уз таҳририятига андижонлик журналист Элмурод Эрматов мактуб йўллади. Унда журналист ўзининг ватан мустақиллигидан туйган туйғулари ифода этилган. Қуйида бу мактуб тўлиғича берилади.

1991 йилнинг кузи эди. Дадам билан ҳовлимиздаги очиқ айвонда суҳбатлашиб ўтирар эдик... Бир пайт маҳалламиздаги масжид томонидан азон товуши эшитилди. Ўша пайтларда биз учун ноодатий бўлган бу сеҳрли сасдан иккаламиз ҳам тин олиб қолдик. Азон тугади. Дадамга боқсам, унинг иккала кўзи жиққа ёшга тўла экан. Уни бундай ҳолатда ҳеч кўрмаганман(раҳматли, 38 йил мактабда муаллимлик қилган). Савол назари билан қараганимни сезган дадам кўнглидан ўтган ҳисларни тушунтирмоқчи бўлди:

-Ўғлим менга боқиб ҳайрон бўлма. Ҳозир мен бобонгни эсладим. Неча йиллар мустабид тузумда, худосизлар тазийқи билан намозни яшириниб ўқиб юрган, ҳатто ҳайит намозларини дарё бўйлари, пастқам жойларда қимтиниб минг ҳадик билан ўқиган бобонг ҳозир ҳаёт бўлганларида маҳалла масжидидан таралган азонни эшитиб қандай хурсанд бўлишини тасаввур қилиб, кўнглим тўлиб кетди. Бундай эмин-эркин ибодат қилиш мумкин бўлган кунларни у қанчалик орзиқиб кутган эди. Афсуски, у мустақилликни, ҳурликни кўрмай ўтиб кетди. Энди биз бу кунларни қадрига етишимиз, асраб авайлашимиз керак, болам...

Падаримнинг бу сўзлари бир умр ёдимдан чиқмаса керак.

Мен ўша кундан мустақиллик не эканини тушуна бошлаганман. Кейин эса, БМТ кошонаси узра байроғимиз ҳилпираганида, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида эришилган ютуқларни бутун жаҳон тан ола бошлаганида, халқимда бунёдкорлик ҳисси уйғониб, кент-у қишлоқларни обод қилишга бел боғлаганида, ёшларимиз барча соҳаларни мукаммал эгаллаш қўлидан келишини исботлаганида, мен мустақиллик бебеҳо неъмат эканини янада теранроқ англадим. Ҳали ҳаётим давомида ўзим учун истиқлол берган неъматларни янги ва кўплаб қирраларини кашф этиб борсам ажаб эмас...

Элмурод Эрматов, Андижон