Квебекдаги тизимга норозилик ифодаси тариқасида судья Пьер Шевалье 30 туп марихуана ўстирган жавобгарни 1 доллар жаримага тортди. Бу ҳақда Vice нашри ёзмоқда.
У Канаданинг марихуана бўйича қонунчилигини “шармандали” деб баҳолаб, адвокатлар ҳамда юриспруденция соҳаси ишчиларининг ўзлари ҳар доим ўт чекишини қўшимча қилиб ўтди.

46 ёшли жавобгарнинг исми Марио Ларуш, у автоҳалокатдан сўнг мунтазам оғриқлардан азият чекади. Шифокорлар унга доривор каннабис ёзиб беришдан бош тортишган, шу боис Марио бу ишни ўзи амалга оширишга қарор қилиб, марихуана плантациясини яратди. Прокурор уни 90 кунга қамаб, 250 доллар жаримага тортишни сўраган эди.
Шевалье прокурорнинг талабларини қабул қилмай, Ларушни “одамларга бир неча юз йилдан буён маълум табиий воситаларга йўл ёпиб қўйган” тизимнинг қурбони деб ҳисоблади.

Икки ҳафта муқаддам Канаданинг янги бош вазири Жастин Трюдо каннабис – наша ўсимлигини легаллаштириш жараёнини бошлаш тўғрисида расмий кўрсатма берди, аммо ҳукуматнинг айрим аъзолари ҳозирча бу қарорнинг тўғри ва хавфсизлигини шубҳа остига олмоқда.