Ўзбекистонда Халқаро ногиронлар кунининг нишонланишига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтади

Ўзбекистон 02 Декабрь 2015 3027

Халқаро ногиронлар кунини нишонлашга бағишланган фестиваль 2015 йилнинг 2 декабрь куни Radisson Blu меҳмонхонасида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ахборот хизмати Kun.uz`га хабар қилди.


Мазкур фестиваль ногиронлар дуч келаётган муаммолар ва барча инсонларнинг тенг ҳуқуқлигини таъминлаш масалаларига жамоатчилик эътиборини жалб этишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлардан бири бўлиб ҳисобланади.
Умумжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг статистик маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг 15 фоизини ногиронлар ташкил этиб, мазкур аҳоли гуруҳи дунёнинг энг “катта озчилиги” бўлиб ҳисобланади. Мазкур кўрсатгич йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Шунинг учун ҳам ҳозирги кунда ҳеч бир инсоннинг ҳуқуқларини поймол қилмайдиган, очиқ ва тенг ҳуқуқлилик асосида ривожланаётган жамиятни қуриш ниҳоятда долзарб масаладир.


Очиқ ва тенг ҳуқуқлилик асосида ривожланаётган жамият қуриш заруриятига жамоатчилик эътиборини қаратишнинг йўлларидан бири Халқаро ногиронлар кунини ўтказишдан иборатдир. Мазкур сана 1992 йил БМТнинг Бош Ассамблеяси томонидан тасдиқланиб, ҳозирда ҳар йили бутун дунё бўйлаб 3 декабр кунида нишонланади.
Жорий йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган фестивал доирасида ногиронлар иштирокидаги концерт дастури ва фотокўргазма бўлиб ўтиши режалаштирилган. Фотокўргазмада тақдим этиладиган расмлар ногиронлик билан боғлиқ бўлган қийинчиликларга қарамасдан тўлақонли ва ёрқин ҳаёт кечираётган инсонлар ҳақидаги сўзсиз ҳикояларни ўзида акс этиши кутилмоқда. Шунингдек, меҳмонлар кўргазмада намойиш этиладиган ижтимоий корхоналар ютуқлари билан ҳам яқиндан танишиш имконига эга бўладилар.


Мазкур санани нишонлаш доирасида Ўзбекистон Республикасида мустақиллик йилларида ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилган ишлар ва ютуқларга бағишланган бир қатор видеороликларнинг миллий телерадиокомпания орқали намойиш этилишини назарда тутувчи кенг кўламли медиа тадбир ҳам режалаштирилган.
Халқаро ногиронлар кунини нишонлаш доирасида ўтказилиши назарда тутилган бир қатор кенг кўламли тадбирлар ногиронларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқлари ва фаровонлигини ҳимоялаш масалаларига кенг жамоатчиликнинг эътиборини жалб этган ҳолда жамоатчиликни ногиронларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги иштирокини янада фаоллаштиришнинг афзалликлари ҳақида хабардор қилиш учун ниҳоятда қулай инконият яратади.


Барча тадбирлар БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Нодавлат-нотижорат ташкилотлари (ННТ) уюшмаси қошидаги Ногиронлар ННТларининг маслаҳатлашув кенгаши тономидан ташкил этилади.

Кўпроқ янгиликлар