Ўзбекистон матбуотида оилавий қадриятларни асраш масалалари ҳамда оилавий муаммоларга мутахассисларнинг муносабати муҳокама қилинишда давом этмоқда. Бу сафар “Оила даврасида” мухбири психолог Муҳаббат Тўлагановага мурожаат қилиб, айрим оилаларда юзага келаётган кескинлик, фарзандларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган жанжалларнинг сабаби билан қизиқиб кўрди.

“Шикоят билан келаётган оилаларнинг кўпчилигида эркак ва аёлнинг ҳуқуқ-мажбуриятларидаги тафовут муаммоларни пайдо қилади, - тушунтирди эксперт. – Баъзи оталар онадан кам даромад топиши, айримлари оила бошлиғи бўлишга руҳий-маънавий тарафлама лаёқатсизлиги туфайли жанжаллар юз бермоқда. Бундай оилаларда, одатда, арава ҳар тарафга тортилмоқда, оқибатда эса бутун бошли оила сарсон-саргардон. Айрим аёллар ҳам оилада ўз ўрнини билмаслиги, «ҳокимият» талашиши оилавий жанжалларга замин бўлмоқда”.

“Отанинг мавқеи паст оила охир-оқибат парокандаликка юз тутади. Бу фарзандлар тарбиясига, руҳий кечинмаларига салбий таъсир этади. Гарчи оилада эр-хотин қонун олдида тенг, рўзғор тутиш ва фарзанд тарбиясида ҳамкору ҳамжиҳат бўлса-да, ўзбек оиласида асосий юкни елкага олиш ва якуний сўзни айтиш, одатда, эр зиммасида”, - қўшимча қилди мутахассис.