Эртага, 3 декабрь куни, Тошкентда парламент юқори палатасининг пленар мажлиси иш бошлайди. Мажлиснинг эълон қилинган кун тартибида амнистия тўғрисидаги актни қабул қилиши масаласи кўрсатилмаган.

Мустақиллик йиллари Ўзбекистонда жами 25 марта амнистия эълон қилинган эди. Биринчи амнистия 1991 йил 31 август куни президент Ислом Каримов ташаббусига кўра эълон қилинган эди. Шундан сўнг Мустақиллик куни муносабати билан 9 марта, Конституция куни муносабати билан 13 марта, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бошқа саналар муносабати билан яна 3 марта амнистия актлари қабул қилинган эди.

Амнистия тўғрисидаги актни қабул қилиш ҳуқуқи давлат раҳбаридан сенатга 2005 йили, Ўзбекистонда икки палатали парламент иш бошлаши билан тақдим этилган. Сенат илк бор амнистия тўғрисидаги актни 2005 йили, Ўзбекистон конституцияси қабул қилинганлигининг 13 йиллиги муносабати билан қабул қилди.

2014 йилги охирги амнистия 52 498 кишига нисбатан қўлланди. Шулардан 3 289 нафари бевосита жазони ўташ муассасасидан озодликка чиқарилди.