Шаҳзода Микаса Япония императорлик хонадонининг 100 ёшга чиққан илк намоёндасига айланди. Бу ҳақда The Asahi Shimbun нашрида ёзилади.

Ушбу шаҳзода 1915 йилнинг 2 декабрь кунида туғилганди. У Иккинчи Жаҳон уруши давридаги япон императори Хирохитонинг кичик укаси ва амалдаги император Акихитонинг амакиси ҳисобланади. Микаса уч нафар ўғил кўрган. Унинг оиласида шунингдек, 9 набира ва 4 эвара туғилган.

"Бутун дунёдаги одамлар бахтли бўлиши учун ибодат қиламан ва мени 70 йилдан ортиқ вақт давомида қўллаб-қувватлаб келган рафиқам Юрикога миннатдорчилигимни билдираман. Қолган умримни тинчлик ва хурсандчилик билан ўтказишни истайман", дейди шаҳзода императорлик саройи хабарномасида.

Қайд этилишича, Микаса ва Юрико ҳар куни бадантарбия машғулотларини бажаришади. Уларнинг бу машғулоти давомийлиги 30 дақиқалиги айтилган.