“Ўзбекэнерго” акционерлик жамияти Тахиатош иссиқлик электростанциясида иккита буғ-газ қурилмаси қурилиши лойиҳаси бўйича бош пудратчини танлаш юзасидан тендер савдолари тўғрисида эълон қилди.

Компания сайтида қайд этилишича, тендер таклифлари 2016 йилнинг 2 мартига қадар қабул қилинади. Шартноманинг бошланғич баҳоси ҳақида хабар қилинмаган.

Танлов ғолиби Тахиатош ИЭСда ҳар бири 230-280 МВт қувватга эга иккита буғ-газ қурилмасини бунёд этиши, эски блокларни муомаладан чиқариб, ҳар бирининг қуввати 250-280 МВт бўлган яна иккита буғ-газ қурилмасини тайёр ҳолатда фойдаланишга топшириши лозим. Модернизация муддати — беш йил.

Лойиҳа қиймати 678,2 млн долларни ташкил этади. Лойиҳа Осиё тараққиёт банкининг 300 млн, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт фондининг 230,7 млн долларлик кредитлари ҳамда “Ўзбекэнерго” АЖ нинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Айни пайтда Тахиатош ИЭС энергоблокларининг қуввати 730 МВтга тенг. Бу ерда биринчи блок 1956 йилда, охиргиси эса 1967 йилда ишга туширилган.