Профессионал бокснинг супероғир вазн тоифасида WBA (Regular) чемпионлик камари соҳиби, ўзбекистонлик тажрибали боксчи Руслан Чагаев ҳамда бу камар учун даъвогар, Австралия вакили Лукас Браун ўртасида 2016 йилнинг 5 март кунида, Чеченистон пойтахти Грозний шаҳридаги "Колизей" спорт саройида жанг ўтказилади. Бу ҳақда Чеченистон президенти Рамзан Қодиров ўзининг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари орқали маълум қилган.

"Сизларга ўта муҳим хабарни етказмоқчиман. 2016 йилнинг бешинчи мартида "Колизей" спорт саройида катта жанг бўлиб ўтади. "Аҳмат" спорт клуби вакили Руслан Чагаев австралиялик Лукас Браунга қарши рингга кўтарилади. Русланнинг рақиби жуда кучли, у 23та жанг ўтказиб барчасида ғалаба қилган. У мағлубият нималигини билмайди. Ишонч билдираманки, ўша куни шиддатли жанг гувоҳига айланамиз", дея ёзган Рамзан Қодиров.

Бироз олдинроқ, Браунга қарши ўтказилиши кутилаётган жангда ғалаба қозонса Чагаев британиялик Тайсон Фьюрига қарши рингга кўтарилиш имконига эга бўлиши хабар қилинганди.

Фьюри 29 ноябрь куни Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида украиналик Владимир Кличкони очколар бўйича мағлуб этиб, IBF, IBO, WBO ва WBA (Super) версиялари бўйича жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Чагаев эса ушбу вазн тоифасининг WBA версияси мунтазам чемпиони ҳисобланади. Британиялик боксчининг камариларига (IBF) даъвогарлар орасида украиналик Вячеслав Глазков ҳам бор.

Чагаев ўз фаолиятида икки марта мағлубиятли жанг ўтказган, 2009 йилда украиналик Владимир Кличко ҳамда 2011 йилда россиялик Александр Поветкинга қарши жангларда. Унинг ҳисобида 34та ғалабали жанг (шундан 21та нокаут) мавжуд. Браунда эса бу кўрсаткич 23 ғалаба ва 20 нокаутга тенг. У ҳали рингни боши эгик ҳолда тарк этмаган.

Эслатиб ўтамиз, Чагаев 17 октябрь санасида Фрес Окендога қарши рингга чиқиши керак эди. Окендонинг жароҳати сабабли Чагаевга қарши рингга чиқмади ва жанг бекор қилинди.

Чагаев охирги жангини шу йилнинг 11 июль санасида Франческо Пьянетага қарши рингга чиқди ва рақибини биринчи раундда нокаутга учратиб ғалабага эришганди.

Бундан олдинроқ, Браун WBA ўзига Чагаев билан жанг қилиш учун рухсат беришини интизорлик билан кутаётганини билдириб ўтганди.