Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россияга қарши жиддий айблов билан чиқди. Унинг фикрича, ИШИД нефтини Туркия эмас, Россиянинг ўзи сотиб олмоқда. Бу ҳақда Ғарбдаги нашрларга асосланган ҳолда "Интерфакс" агентлиги хабар тарқатган.

"Бизда бунга исбот бор. Биз улардан фарқли равишда ўз далилларимизни бутун дунёга ошкор қила оламиз", деган Эрдўған Анқарадаги чиқиши вақтида.

Унинг сўзларига кўра, жангарилардан катта миқдорда нефть сотиб олган шахслардан бири Жорж Ҳасвани бўлиб, у Россия фуқароси ҳисобланади.

Бунгача Россия томони Туркия президенти оиласига тегишли компания ИШИДнинг нефтини харид қилиш билан шуғулланаётганлигини бир неча марта таъкидлаганди.

Эрдўған эса бунга жавобан "Туркияга туҳмат қилишга ҳеч ким ҳақли эмаслигини" билдирган.