Интернетда ҳозирча Bolt деб номланаётган янги Chevrolet туркум электромобилининг ўғринча фотосуратлари пайдо бўлди. Автомобиль унинг дунё намойиши бўлиб ўтадиган Лас-Вегасдаги CES истеъмол электроникаси кўргазмаси арафасида камуфляжсиз ҳолатида тасвирга олинган.
Янгилик 2015 йилнинг январь ойида Детройтдаги моторшоуда намойиш этилган Chevrolet Bolt концепт-кари мотивлари асосида бунёд этилган. Бироқ бунда ишлаб чиқилган автомобиль ва прототип дизайни ўртасида бир қанча жиддий ўзгаришларни кўриш мумкин. Масалан, асосий фаралар ва орқа тиргак шакли ўзгарган бўлиб, уларнинг услуби BMW i3 деталларига айнан ўхшаб кетади.
Электромобилнинг техник хусусиятлари ҳозирча сир тутилмоқда. Фақатгина автомобиль Жанубий Кореянинг LG маркаси билан ҳамкорликда яратилаётгани маълум. LG қувват қурилмаси деталларининг катта қисмини тақдим этмоқда: электромотор компаниянинг шахсий ишланмаси асосида яратилган. Бундан ташқари аккумуляторлар жамланмаси, инвертер, батареяларни қувватлаш ва уларни қизитиш тизими LG`га тегишли. Шунингдек, иқлим назорати ва мультимедиа комплекси ҳам LG томонидан тақдим этилади.
Янги автомобиль бир марталик қувват билан 320 километргача масофани босиб ўтиши мумкин. батареяларни ҳаракат вақтида қувватлантирадиган, BMW i3 каби моделларда қўлланилаётган ички ёнув двигателли модификациядан фойдаланиш режалаштирилгани йўқ.
Электрокар Мичигандаги заводда йиғилади. Унинг баҳоси 30 минг доллар атрофида бўлиши айтилмоқда. 2017 йил бошидан мазкур автомобиль АҚШнинг 50та штатидаги диллерларга етиб боради.