Грузия Адлия вазирлиги мамлакат президенти Георгий Маргвелашвилига собиқ президент, Украинанинг Одесса вилояти губернатори Михаил Саакашвилини мамлакат фуқаролигидан маҳрум қилиш бўйича мурожаат билан чиқди. «Интерфакс» ахборот агентлиги берган маълумотга кўра, вазирлик бугун мазкур мурожаатни президент маъмуриятига жўнатган.

«Украина фуқароси Михаил Саакашвилини Грузия фуқаролигидан маҳрум қилиши бўйича ишлар бошланган. Сўнгги қарор Грузия президенти чиқариши керак бўлади», - дея таъкидлаган вазирлик вакили Цулукиани.

Унинг сўзларига кўра, Саакашвилида нима сабабдан Украина фуқаролигини қабул қилгани бўйича тушинтириш бериш учун бир ой вақти бўлган, лекин у бу ишни қилишни истамаган.

Олдинроқ, Грузия Адлия вазирлиги Саакашвилини фуқароликдан чиқариш масаласини ўртага қўйиб, расмий Киевдан унинг ростан ҳам Украина фуқаролигини олгани борасида ахборотни тасдиқлашини сўраб мурожаат қилгани ҳақида хабарлар тарқатилганди.

Ўз навбатида Саакашвили ўзининг фейсбукдаги саҳифасида видеомурожаат билан чиқиб, ҳозирги Грузия ҳукумати уни мамлакат президентлиги учун сайловларда иштирок этишидан хавфсирагани учун фуқароликдан маҳрум қилишни хоҳлаётганини маълум қилганди.