Жанубий Африка Республикаси ва Хитой қарийб 7 миллиард долларлик 26та шартномани имзолади. Бу ҳақда ЖАР президенти Жейкоб Зума ХХР раиси Си Цзиньпин билан бўлиб ўтган музокаралардан сўнг маълум қилди.

Ҳужжатлар саноатлаштириш, махсус иқтисодий зоналар, инфратузилмалар, мақбул кредитлаштириш ва бошқа муҳим соҳаларни қамраб олади.
Зуманинг сўзларига кўра, ХХР билан муносабатлар айни пайтда юқори даражада бўлиб, улар Си Цзиньпин билан янги муносабат ўрнатишган.
Икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми 2015 йилда 60,3 млрд доллар, Хитойнинг Африка қитъасидаги етакчи иқтисодиётга эга мамлакатига киритган сармояси миқдори эса 13 млрд долларни ташкил этди.

Си Цзиньпин 4-5 декабрь кунлари ЖАРга икки кунлик давлат ташрифи билан бориб, Йоханесбургда 2- Хитой-Африка ҳамкорлик саммитида иштирок этади.
Хитой Африка мамлакатларининг асосий савдо ҳамкори бўлиб, 2014 йилда ўзаро савдо айрибошлаш ҳажми 220 млрд долларни ташкил этди, қитъа иқтисодиёти ва бошқа соҳалари ривожи учун ХХР 32,4 млрд долларлик инвестиция киритди.