Полиция Калифорния штатидаги Сан-Бернардино шаҳарчасидаги имконияти чекланганлар марказида рўй берган отишма ижрочиларининг шахси ҳақида маълумот берди.

"Улардан бири Соғлиқни сақлаш департаменти ходими 28 ёшли Саид Ризвон Фаруқ, иккинчиси 27 ёшли Ташфен Малик", дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, Фаруқ АҚШ фуқароси бўлиб, шу округда ишлаган.

У марказ биносида ўтказилган зиёфат вақтида ҳамкасблари билан жанжаллашиб қолган ва бинони тарк этиб, бироздан кейин шериклари билан қайтиб келиб, одамларни ота бошлаган.

Бироз олдинроқ, Фаруқ бироз вақт таътилдан қайтиб келгани ҳақида хабар қилинганди.

3 декабрга ўтар кечаси Калифорния штатининг Сан-Бернардино шаҳарчасида (Лос-Анжелес яқинида) номаълум шахслар жисмоний имконияти чекланган кишилар учун марказ ҳудудига бостириб кириб, тартибсиз равишда ўт очишган. Бу отишма натижасида 14 киши ҳалок бўлган ва 17 киши яраланган.

Ҳужум қилганлардан бири, аёл киши отиб ўлдирилган, яна бири (Саид Фаруқ) қўлга олинган, учинчи жиноятчини қидириш ишлари давом этмоқда.

Олдинги хабарларда бу гуруҳ полиция таъқибидан қочиш вақтида бомба портлатгани айтилганди.