Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот хизмати раҳбари Дмитрий Песков Буюк Британия ҳарбий самолётлари Сурия ҳудудида ИШИД позицияларига зарба беришига муносабат билдирди.

РИА Новости агентлигининг Песковга асосланиб хабар беришича, Россия томони бу ҳаракатни хайрихоҳлик билан қабул қилган.

"Биз террорчиликка қарши ҳар бир ҳаракатни олқишлаймиз. Албатта Буюк Британия билан ҳамкорликда ҳаракатларни амалга ошириш учун коалиция тузсак, фаолиятимиз самаралироқ бўлади, деб ҳисоблаймиз", деган Песков.

Унинг айтишича, Россия ҳамиша "умумий коалиция тузилиши тарафдори" ҳисобланади. У фақат россиялик ҳарбийларгина бу ҳудудда қонуний тарзда ҳаракатланишаётганини таъкидлаган.

Бугун Буюк Британия Сурия ҳудудида ИШИДга қарши илк ҳаво зарбаларини йўллади.

Бироз олдинроқ, британияликлар Кипрдаги ҳарбий базасига яна 8та ҳарбий самолёт жўнатгани хабар қилинди.