Ўзбекистон Давлат Консерваторияси биносида “Халқаро ногиронлар куни”га бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Бу ҳақда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Ахборот хизмати хабар қилди.

Давлат Консерваторияси биносида ўтказиладиган тадбирга таклиф қилинган ногиронларга, шунингдек, Саховат ва Мурувват уйларида истиқомат қилаётган қариялар ва ногиронлар, республикамизда фаолият кўрсатаётган ногиронлар жамиятларига Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Нуроний, Маҳалла жамғармалари, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” Халқаро хайрия жамғармалари томонидан, турли хилдаги совға-саломлар тақдим этилди.

Шу билан биргаликда, 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни арафасида “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмаси томонидан хадя этилган озиқ-овқат пакетлари Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган, ногирон болаларни тарбиялаётган оилалар, ётиб қолган ёлғизлар ва кам таъминланган оилалардан бўлган ногиронларнинг уйларига олиб бориб берилди, уларнинг ҳолидан хабар олинди.

Жорий “Кексаларни эъзозлаш йили”даги ушбу санага бағишланган тадбирларда ҳар йилгидан фарқли ўлароқ, маҳаллий ҳокимиятлар, идора ва муассасалар, нодавлат жамоат ташкилотлари ва жамғармаларининг фаол иштирокида кенг кўламда ўтказиш, жойларда ўтказиладиган инсонпарварлик (гуманитар) акцияларда ногиронларни имкон қадар кенгроқ қамраб олиш кўзда тутилмоқда.