ИШИД террорчилик гуруҳи борган сари заифлашиб бормоқда ҳамда Сурия ва Ироқдаги сунний аҳоли томонидан қўллаб-қувватловни йўқотмоқда. Ёлғон ташвиқотлар билан алданган кўпчилик одамлар ИШИД аслида халққа катта солиқлар солувчи уюшган жиноий гуруҳ эканлигини англамоқдалар. Бу ҳақда The New York Times газетасида чоп этилган таҳлилий мақолада айтилган.

Газета ИШИДнинг солиқлари ва ваҳшийликларидан қочиб Туркияга келган ва у ердан Грецияга, сўнгра Европа давлатларига бориш илинжида бўлган қочқинлар билан суҳбатдан шундай хулосага келмоқда. “Биз улар Суриядаги тузумдан халос бўлишни истамоқдалар деб ўйлагандик, аслида эса улар оддий қароқчи ва ўғрилар бўлиб чиқди”, деб айтмоқда ИШИД томонидан босиб олинган Суриядаги нефть қувури насос қурилмасида ишлаб, катта маош олган қочқинлардан бири.

Бошқа бир қочқин рафиқаси ва уч фарзандини ИШИДга тегишли Суриядаги ҳудудлардан Туркияга ўтказиб қўйиш учун контрабандачиларни ёллаганини айтмоқда. Унинг айтишича, ИШИД барча мактабларни ёпиб қўйган, болалар ҳеч қаерда таълим ололмайдилар ва катта пулга қарамасдан ўзининг Суриядаги она шаҳридан Ироққа бориб ишлаш истиқболи уни хурсанд қилмаётганини таъкидлаб ўтди.

Газетанинг баҳолашича, ИШИД Россия ва АҚШ бошчилигидаги коалиция зарбаларидан сезиларли талофатлар кўрмоқда. “Бир нечта давлатларнинг ҳаво ҳужумлари ҳамда курд ва шиа исёнчиларининг ҳужуми жангариларга талофат етказмоқда. Баъзи жангариларнинг маоши қисқартирилган бўлса, бошқалари қочиб, яширинишга уринмоқда”, деб ҳисобламоқда газета.

Газета маълумотларига кўра, ИШИДнинг нефть сотишдан оладиган даромадлари секин-аста камайиб бормоқда. Шунинг учун учун жангарилар аҳолига катта солиқ солмоқда. Террорчиларнинг ҳозирдаги асосий муаммоси – уларга тажрибали мутахассислар, биринчи навбатда, нефтчилар, электриклар ва муҳандисларнинг етишмаслиги ҳисобланади. Уларсиз бутун инфратузилма ва ҳаёт таъминоти издан чиқади, ИШИД давлатини ташкил этиш ғояси эса пучга айланади. Газетанинг фикрича, Мисрда Россия самолётига ҳужум ва Париждаги терактлар террорчилик гуруҳининг аянчли ҳолатини беркитиш мақсадида амалга оширилган.