Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 25 ноябрдаги қарорига кўра истеъмолчиларга биринчи маротаба давлатга ортиқча электр энергияни сотиш имкони тақдим қилинмоқда.

Бу ҳуқуқ электр энергияни энергиянинг тикланувчи манбаларидан фойдаланиб ишлаб чиқарувчи истеъмолчиларга берилади.

“Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг (25.04.1997 й., 412-I-сонли) 11-моддасига кўра, тикланувчи манбаларга қуёш, шамол, сув оқимларининг табиий ҳаракати ва бошқа энергия манбаларидан фойдаланувчи технологиялар киради.

Истеъмолчилар тақдим қилинаётган ҳуқуқдан фойдаланиши учун уланишга техник шартларни олиб, уни бажарганларидан кейин ягона электр энергия тизими билан параллел равишда ишлашни таъминловчи махсус қурилмалар орқали шу тизим электр тармоқларига уланишлари керак бўлади. Бунда улар электр энергия сифатига қўйиладиган шартларни бажаришлари, “Ўзбекэнерго” АЖ томонидан ўрнатилган диспетчерлик тартибига амал қилишлари, тизим оператори ва юқори турувчи тезкор-диспетчерлик хизматларининг кўрсатмалари ва буйруқларига бўйсунишлари керак бўлади.

Ортиқча электр энергия сотувчилари билан ҳисоб-китоб электр билан таъминловчи корхоналар томонидан амалга ошириладиган транспортировка қилиш харажатларини ҳисобга олган ҳолда истеъмолчилар учун белгиланган нархлар бўйича тўланади.

Электр энергияни етказиб беришнинг йиллик ҳажми “Ўзбекэнерго” АЖ билан тузилган тегишли шартнома орқали тасдиқланади ва расмийлаштирилади.