2015 йилнинг охирига қадар Ўзбекистонда зилзилаларнинг олдиндан хабар бериш тезкорлигини ошириш мақсадида кучли ер ости силкинишлари станциялар тармоғи яратилади. Бу ҳақда ЎзР ФА Сейсмология институти директори Сабриддин Хусомиддинов маълумот берди.

Унинг таъкидлашича, янги тармоқ Сейсмология институти ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Унинг тўлақонли ишга туширилиши ФВВнинг ҳудудий бошқармаларига силкиниш юз бериши билан унинг интенсивлигини баллар тизимида аниқлаб бериш ва бир неча дақиқа ичида силкинишнинг ҳудудлар бўйича таъсир қамровини белгилаш имконини беради.

“Шунингдек, институт базасида сейсмик хавф-хатарни автоматлаштирилган рақамли тизими яратилган, - унинг сўзларини келтиради “Даракчи” нашри. – Шу тариқа мамлакатимиздаги барча сейсмик станциялар тармоғи кенгайтирилиб, барча аналогли сатнциялар рақамли ишлаш тизимига ўтади. Бу эса энг кичик магнитудали силкинишларни ҳам аниқлаштириш имконини беради”.