Россия президенти Владимир Путин Федерация йиғинига мурожаати чоғида Туркия раҳбариятини кескин танқид остига олди. Икки давлат ўртасида ривожланиб келаётган алоқаларни бузиб юборганларни, Путиннинг фикрича, Аллоҳ жазолаб, ақлдан жудо қилган.

“Тушунмайман, нега улар бундай ишни қилдилар, - деди Россия раҳбари. – Ҳар қандай муаммоларни мутлақо анъанавий йўллар билан ҳал қилса бўларди. Биз улар билан энг нозик масалаларда мулоқот қилишда ва уларнинг иттифоқчилари қилмайдиган ишларни қилишга тайёр эдик”.
“Афтидан, Аллоҳ Туркиянинг ҳукмрон тўдасини жазолаб, ақлдан жудо қилишга қарор берган”, - сўзида давом этди сиёсатчи.

Путин Россия бу масалани ҳал қилишга ҳиссиёт билан ёндашмаслигини қайд қилиб ўтди: “Биз асабий, жазавали, бутун дунё учун хавфли реакция билдирмаймиз”.
Лекин, шу билан бирга, Туркия “қилган ишидан ҳали кўп пушаймон бўлади”.
“Туркия раҳбарияти қуруқ помидорлар отилиши билан қутулиб қоламан, деб ўйласа, қаттиқ янглишади”, - хулоса қилди Путин.