“Менинг юртим” телеканали режиссёри Соҳиб Аббосхон хонанда Жаҳонгир Позилжонов билан боғлиқ равишда тарқалган айрим гап-сўзларга изоҳ берди.

Эслатиб ўтамиз, хонанданинг онаси вафот этганидан сўнг қисқа муддат ўтиб, унинг Instagram ижтимоий тармоғидаги саҳифасида жойлаштирган суратларида кайфияти чоғлиги акс этган эди. Бу мухлисларда айрим саволларни келтириб чиқарди. Интернетда муҳокамалар келиб чиқди. Бунинг устига, орадан кўп ўтмай, Позилжонов “Менинг юртим” телеканалида Love Story кўрсатувига бошловчилик қилди.

Бу ҳолатни тушунтирар экан, Соҳиб Аббосхон санъаткорнинг профессионал бурчи шуни тақозо қилишини таъкидлаб ўтди.

“Санъаткорга осон тутманг! – деди у. – У гоҳида қалби дард-аламга тўлиб турса-да, сизни кулдиришга, сизга қувонч улашишга мажбур бўлиши мумкин”.
“Жаҳонгирнинг волидаси вафот этган кунлари эфирга кетган кўрсатув аслида икки ҳафта олдин ёзиб олинган, - тушунтирда режиссёр. – Халқимизда марҳумнинг хонадонида уч кун фотиҳагарчиликка турилади. Маъракаларни ўтказиб, кейин бошқа кўрсатувни тасвирга олиш жараёнида қатнашган бўлиши мумкин. Сабаби унинг санъаткорлик бурчи шуни тақозо қилади. Агар у бошқа бирор касб эгаси бўлганида унинг тезда ишга чиққани ҳеч кимни қизиқтирмаган бўларди. Санъаткорлиги учун кўпчиликнинг нигоҳи унга қадалган бўлади”.

Соҳиб Аббосхон бошқа машҳур санъаткорлар, жумладан, Обид Жалилов, Комилжон Отаниёзов ва Зикир Муҳаммаджоновларнинг ҳаётида ҳам шундай вазиятлар кузатилганинин эслатиб ўтди.